Ислом Нури
Жума насиҳатлари
ЙЎЛ УСТИДАГИ ТЎСИҚЛАР
Д. Муҳаммад Нуҳ
Ислом Нури таржимаси
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
БЕШИНЧИ ТЎСИҚ
МАНМАНСИРАШ ва ЎЗИГА БИНО ҚЎЙИШ
(Давоми)
7) Олийнасаб ва улуғзода бўлиш
Баъзан насл-насабнинг олий, таг-тахтнинг тоза бўлиши ва улуғзодалик ҳам манмансирашга олиб бориб қўяди. Айрим кишилар бўладики, насаби улуғ ва таги-тахти тоза хонадон вакили бўлади. Кўпинча мана шу нарсага суяниши ўзини бошқалардан юқори тутишига ва ўзидан содир бўлаётган ҳар қандай ҳатти-ҳаракатларни тўғри деб билишига олиб келади. Ҳолбуки, билмайдики ёки ўзини билмасликка соладики, ҳеч қандай насл-насаб ёки таг-тахт Ислом ўлчовида инсонни на юқорига кўтара олади на пастлата олади, балки фақатгина қилган амали ва тўккан терларига қараб бошқалардан афзал ва юқори бўлиши мумкин. Хуллас, насл-насабининг олийлиги ва таг-тахтининг тозалигига суяниб қолиш инсонни калондимоғликка етаклайди.
Исломнинг амалга ва фақат амалга қаттиқ чорлаши остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. Аллоҳ таоло айтади:
«Бас қачон сур чалинганида (яъни қиёмат қойим бўлганида) ана у кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар» (Муъминун: 101).
«Сизларнинг хомхаёлларингиз ҳам, аҳли китобнинг хомхаёллари ҳам ҳақ эмас — кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Аллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топмас. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин — кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга заррача зулм қилинмас (Нисо: 123, 124).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига «Яқин қариндош-уруғларингизни (Аллоҳнинг азобидан) огохлантиринг!» (Шуъаро: 214) ояти нозил бўлганида Қурайшни тўплаб, уларга шундай мазмунда хитоб қилгандилар: «Эй Қурайш жамоаси! Ўзларингизни (дўзах азобидан) қутқаринг! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сизлардан тўса олмайман. Эй Бани Абдуманоф! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сизлардан тўса олмайман. Эй Аббос ибн Абдулмуттолиб! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сиздан тўса олмайман. Эй Пайғамбарнинг аммаси София! Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сиздан тўса олмайман! Эй Муҳаммаднинг қизи Фотима! Мол-давлатимдан хоҳлаганингни сўра! Бироқ Аллоҳдан келадиган бирон нарсани сендан тўса олмайман!» (Муттафақун алайҳ, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).
8) Ҳурмат-эҳтиром кўрсатишда муболаға қилиш ва ҳаддан ошиш
Баъзан манмансираш ва калондимоғликнинг сабаби ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва улуғлашда ҳаддан ошиш ва ўта муболаға қилиш ҳам бўлиб қолади. Дин учун амал қилувчилар ва даъват аҳли ичида шундай кишилар ҳам бўладики, ўзгалар тарафидан ҳаддан ортиқ ҳурмат-эҳтиром кўрадилар, айрим ҳолларда Ислом кўрсатмаларига зид келадиган ва шариатга хилоф бўладиган даражада улуғлаш билан улуғланадилар. Унинг олдида ҳамма қўл қовуштириб туради, унинг қўлини ўпадилар, эгилиб таъзим бажо келтирадилар, ортидан юрадилар ва ҳоказо.
Ўзи ҳам бу ҳолатга кўникиб кетади-да, бу даражадаги ҳурмат-эҳтиромга фақат ўзимнинг лаёқатим ва бошқаларда бўлмаган хусусиятларим туфайли эришдим, деб ўйлаб қолади. Бу эса – Аллоҳ сақласин – охир-оқибат уни манмансирашга олиб бориб қўйиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларини у зот учун ўринларидан туришдан ва ажамлар ўз подшоҳларини улуғлагандек улуғлашдан қайтаришлари остидаги сир ҳам шу бўлса ажабмас. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким одамлар у учун ўринларидан туришларини яхши кўрса, дўзахдан жойини тайёрлаб олаверсин» (Абу Довуд Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 4/358, №5229).
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асога суяниб, асҳоблари олдига чиқиб келдилар. Улар у зотга пешвоз чиқиб ўринларидан турганларида: «Ажамлар бир-бирларини улуғлаб ўринларидан туришгани каби ўрнингиздан турманглар», дедилар (Абу Довуд Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: 4/358, №5230).
9) Итоат ва бўйсунишда ҳаддан ошиш ва муболаға қилиш
Баъзан итоат қилиш ва бўйсунишда ҳаддан ошиш ҳам манмансираш ва ўзига бино қўйишга олиб боради. Динга амал қилувчи кишилар орасида шундайлари ҳам бўладики, одамлар унга Аллоҳнинг кўрсатмаларига мос келмайдиган даражада, ҳаддан ташқари итоат қилишади ва қаттиқ бўйсунишади. Ундан содир бўладиган ҳар бир гап-сўз ёки ишни тўғри ё нотўғрилигидан, яхши ё ёмонлигидан қатъий назар, қабул қилиб, итоат қиладилар. Бунинг натижасида нафси унга бу даражада улуғланиш ва итоат қилинишга фақат ўзининг фазилат ва хусусиятлари сабабли лойиқ бўлганини уқтиради, бу эса унда калондимоғлик ва ўзига бино қўйишни келтириб чиқаради.
Исломнинг итоат ва бўйсуниш фақат маъруф-яхши ишларда бўлиши лозимлигини, гуноҳу маъсият ишларда итоат қилинмаслигини таъкидлаши остидаги ҳикмат ҳам шу бўлса ажабмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Модомики гуноҳларга буюрилмас экан мусулмон одам яхши ва ёмон кўрган нарсаларда (амирларга) қулоқ солиб, итоат этиши вожибдир. Агар гуноҳга буюрилар экан, қулоқ солиш ва итоат этиш йўқдир», дедилар (Имом Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган: 3/1469, №1839).
10) Манмансираш ортидан келувчи асоратлардан ғофил бўлиш
Баъзан нохуш асорат ва оқибатларидан ғофил бўлиш ҳам кишини манмансирашига ва ўзига бино қўйишига сабаб бўлиб қолади. Чунки, инсоннинг ҳаётда тутган йўли кўпинча, бу йўлининг оқибат ва асоратларини идрок этиши ёки идрок эта билмаслигидан келиб чиққан бўлади.
Бинобарин, динга амал қилувчи киши ёки даъват соҳиби ўзига бино қўйиш ортидан келувчи нохуш оқибатларни олдиндан кўра билмаса, мазкур иллатга дучор бўлиб қолади, буни ўйланиб ўтиришга ва вақтини зое қилишга ҳам арзимайдиган оддий ҳолат сифатида қабул қиладиган бўлиб қолади.
Ислом дини ўз асос ва мақсадларини улар ортидан келувчи асорат ва оқибатларига боғлаб кўрсатиши остидаги сир ҳам шу бўлса ажаб эмас.
3. Манмансираш ва ўзига бино қўйишнинг асоратлари
Манмансираш ва ўзига бино қўйишнинг исломий амалга ва амал қилувчилар шахсига қолдирадиган нохуш асоратлари ва ёмон оқибатлари борки, қуйида улардан баъзиларини кўриб чиқамиз:
Амал қилувчилар шахсига қолдирадиган асоратлари
1) Ғурур ва кибр тўрига илашиб қолиш
Чунки, манманлик ва калондимоғлик кўпинча ўз эгасини нафси ҳақида бепарво бўлишга олиб келади, уни тафтиш ва ҳисоб-китоб қилишдан тўсади. Вақт ўтиши билан бу иллат катталашиб, ўзгалардан содир бўлаётган амалларни камситиш ва паст санашга айланиб кетади. Биз кўзда тутган ғурур мана шудир. Ёки ўзини бошқалардан юқори тутишга, бошқаларнинг шахсиятларини камситишга айланиб кетади. Биз айтмоқчи бўлган кибр мана шудир.
Ғурур ва кибрнинг хатарли асоратлари ва ёмон оқибатлари борки, булар ҳақида кейинроқ батафсил тўхталиб ўтамиз, иншоаллоҳ.
2) Илоҳий тавфиқдан маҳрумлик
Чунки, манмансираган ва ўзига бино қўйган одам ўз шахсияти қобиғига ўралиб қолади ва ҳамма нарсани ўзига нисбатлайдиган бўлиб қолади, холиқи ва яратувчисини, барча ишларини тадбир қилиб турувчи ва унга барча зоҳирий ва ботиний неъматларни инъом қилувчи Зотни унутади ёки унутгандек бўлади.
Бундай одамнинг оқибати илоҳий мададдан узилиш ва қилаётган ва қўяётган ҳар бир ишида тавфиқдан маҳрум бўлиб қолиш бўлади. Чунки, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг халқидаги суннати – қонунияти шуки, У тавфиқни фақат ўз шахсиятларига суянишдан ажралган, нафсларидан шайтоннинг насибасини чиқариб ташлаган ва бутун борлиқлари билан Аллоҳ таборака ва таолога талпинган, ҳаётларини фақат У Зотнинг тоати ва хизматида ўтказган кишиларгагина ато этади. У Зот Ўзининг Китобида айтади:
«Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган — курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).
Шунингдек, ҳадиси қудсийда айтади:
«Бандам унга фарз қилган амалларимдан кўра Менга суюмлироқ бўлган бошқа бирор нарса билан Менга яқинлашмаган. Бандам Менга нафл амалларни қилиш билан яқинлашиб бораверади, ҳаттоки Мен уни яхши кўриб қоламан. Агар яхши кўриб қолсам, Мен унинг эшитадиган қулоғига, кўрадиган кўзига, ушлайдиган қўлига ва юрадиган оёғига айланаман. (Яъни, у фақат мен хоҳлаган ва мени рози қиладиган нарсаларни эшитади, кўради ва ҳоказо.) Агар сўраса, албатта бераман, паноҳ тиласа, албатта паноҳимга оламан» (Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).
3) Меҳнат-машаққат пайтларида тўкилиб, сафдан тушиб қолиш
Чунки, кеккайган ва калондимоғ одам ўз нафсининг тарбияси билан шуғулланмаган, уни йўлда зарур бўлувчи руҳий-маънавий озуқалар билан таъминламаган бўлади. Шу боис биринчи дуч келган синов машаққатларга ҳам дош беролмай, тўкилиб, сафдан тушиб қолади. Зеро, у бемалолчилик ва осон-қулай пайтларда Аллоҳга танилиб олмадики, машаққат пайтида Аллоҳ уни таниса (яъни унга ёрдам берса).
Аллоҳ таоло айтади:
«Зотан, Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилувчи зотлар билан биргадир» (Наҳл: 128).
«Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир» (Анкабут: 69).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумога насиҳат қилиб айтганлар: «Аллоҳни ёдда тут, У зотни рўпарангда топасан. Осон-қулай пайтда Аллоҳга танилиб ол, У машаққат пайтда сени танийди» (Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган).
4) Одамларнинг ёқтирмасликлари ва нафратланишлари
Чунки, кеккайган ва калондимоғ кимса бу қилиғи билан ўзини Аллоҳнинг нафратига дучор қилади. Аллоҳ кимдан нафратланса, самовот аҳли ҳам ундан нафратланадилар. Бунинг таъсирида ер аҳли ичида ҳам ундан нафратланиш пайдо бўлади. Одамлар уни ёмон кўриб қоладилар, турқини кўришга, овозини эшитишга тоқат қилолмай қоладилар. Ҳадиси шарифда келганидек: «Аллоҳ таоло бир бандани яхши кўрса, Жибрилга нидо қилиб: «Мен фалончини яхши кўраман, сен ҳам уни яхши кўргин», дейди. Шунда Жибрил ҳам уни яхши кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни яхши кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда қабулият (яъни, одамларнинг муҳаббати ва розиликлари) вужудга келади. Агар Аллоҳ бир бандани ёмон кўрса, Жибрилни чақириб: «Мен фалончини ёмон кўраман, сен ҳам уни ёмон кўргин», дейди. Шунда Жибрил ҳам уни ёмон кўриб қолади. Сўнг само аҳли ичида: «Аллоҳ фалончини ёмон кўради, сизлар ҳам уни ёмон кўринглар», деб нидо қилади, само аҳли ҳам уни ёмон кўрадилар. Шундан сўнг у инсон учун ерда нафрат вужуга келади» (Муттафақун алайҳ, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган).
5) Шу дунёнинг ўзида ёки охиратда азобга ва илоҳий интиқомга дучор бўлиш
Чунки, калондимоғ ва манмансираган одам бу хулқи билан ўзини шу дунёнинг ўзидаёқ Аллоҳнинг азобига гирифтор этади. Бу азоб ўтган умматларда бўлгани каби ер ютиши бўлиши ёки ҳеч бўлмаганда, ҳозирги замонда бўлаётганидек, руҳий беқарорлик ва тушкунлик бўлиши мумкин. Агар дунёда азобга дучор бўлмаса, охиратда албатта азобга гирифтор этилади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганлар: «Бир одам қимматбаҳо кийимлар кийиб, сочларини тараб, кеккайиб юриб борарди, баногоҳ, Аллоҳ уни ерга юттирди. Энди у қиёмат кунигача ернинг тубига тушиб бораверади» (Имом Бухорий (7/183) ва Имом Муслим (3/1653, 1654) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
Исломий амалга қолдирадиган асоратлари
1) Исломий амалга зарба етишининг ва издан чиқишининг, ҳеч бўлмаганда унинг ортга сурилишининг осонлашиши
Манманлика берилганларнинг меҳнат-машаққат пайтларида йиқилиб қолишлари натижасида исломий амалда бирон самара кўриниши учун жуда кўп тер тўкилишига, кўп ҳаракатлар ва узоқ вақтларга муҳтож бўлинади. Бундай меҳнат-машаққат ва имтиҳонлар ҳақиқий амал қилувчилар билан даъвогарлар орасини ажратиб берувчи, амал қилувчилар сафлари орасига кириб қолган ёт кимсаларни кўрсатиб берувчи ўлчов вазифасини ўтайди.
2) Дўст ва ёрдамчилардан маҳрум бўлиш ёки уларнинг камайиб кетиши
Бу эса амал қилувчи кишиларнинг манманликка берилиб қолиши сабабли одамларнинг улардан нафратланиб ва ёқтирмай қолишлари оқибатида келиб чиқади. Бу ҳам йўлнинг яна ҳам узайишига, машаққат ва оғирликларнинг зиёда бўлишига олиб келади.